Тошкентнинг “Пахтакор” клуби 2026/2027-йилги мавсум учун Осиё Чемпионлар Лигаси Элит (ОЧЛ Элит) саралаш босқичида Иорданиянинг “Ал-Ҳусайн” жамоасига қарши майдонга тушади. Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси маълумотларига кўра, учрашув жорий йилнинг 11 август куни Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида ўтказилади.
Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) жорий мавсумдан эътиборан қитъанинг энг нуфузли клублар мусобақасида иштирок этувчи жамоалар сонини 24 тадан 32 тага оширди. Қоидалардаги ушбу ўзгаришлар ҳамда янги квоталар натижасида, Ўзбекистон Суперлигасида кумуш медалларга эга чиққан “Пахтакор” клуби ОЧЛ Элит мусобақасининг плей-офф босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Мамлакат чемпиони бўлган “Нефтчи” эса турнирдаги ўз иштирокини тўғридан тўғри гуруҳ босқичидан бошлайди.
Элит ғолиби қитъа чемпионлиги билан бирга 2027-йилги Қитъалараро кубок ва 2029-йилги Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Турнирнинг финал босқичлари 2029-йилга қадар Саудия Арабистонида бўлиб ўтиши белгиланган.
Маълумот ўрнида, “Пахтакор” Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этиш бўйича қитъада етакчилардан бири саналади. Шу кунгача тошкентликлар нуфузли турнирда 21 марта қатнашиб, бу борада Қатарнинг “Ас-Садд” клуби билан бир хил кўрсаткич қайд этиб турибди. Энг яхши натижа эса Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” жамоасига тегишли — 22 марта. Агар “шерлар” ушбу саралаш босқичидан муваффақиятли ўта олса, бу уларнинг ОЧЛ тарихидаги 22-иштирокига айланади ва ўз рекордини янгилаб олади.













