«Барселона»нинг собиқ футболчиси ва мураббийи Хави Эрнандес ўзи бирга тўп тепган энг яхши ўйинчилардан иборат кичик жамоа тузди.
Афсонавий собиқ ярим ҳимоячи дарвозадан Виктор Вальдесга жой ажратган бўлса, ягона ҳимоячи сифатида Карлес Пуйолни танлади, деб хабар беради Barca Universal.
Ярим ҳимоячилар орасида клуб тарихидаги энг муваффақиятли даврда «кўк-анорранглилар» майдони марказида Хавининг ўзи билан машҳур учликни ташкил қилган Андрес Иньеста ва Серхио Бускетс эътирофга сазовор бўлишди. Ҳужумдан эса, табиийки, Лионель Месси жой олди.
Хави «Барселона»нинг асосий жамоасида 1998 йилдан 2015 йилгача тўп сурган, шундан сўнг «Аль-Садд»га ўтиб, у ерда тўрт йилдан кейин фаолиятини якунлаган эди. 2021 йилдан 2024 йилгача испаниялик мутахассис Каталония грандида бош мураббий сифатида фаолият олиб борди.













