Кириш Регистрация
11/06 23:59 Мексика 2-0 ЖАР
12/06 07:00 Жанубий Корея 2-1 Чехия
12/06 23:59 Канада - Босния-Герцеговина
13/06 06:00 АҚШ - Парагвай
13/06 23:59 Қатар - Швейцария

Сирдарёга катта футбол қайтмоқда

Баҳо:
+ | -

Сирдарё вилоятида футбол азалдан катта қизиқиш уйғотиб келган соҳа ҳисобланади. Айниқса, вилоятнинг асосий жамоаси бўлган «Гулистон» футбол клуби маҳаллий футбол муҳитида алоҳида ўрин эгаллаб келган. Сўнгги бор жамоа 2013 йилда Ўзбекистон Олий лигасида иштирок этган бўлса, 2014 йилдаги Биринчи лига мавсумида кейин профессионал мусобақалардан узоқлашиб қолган эди. Бу эса вилоятда футбол инфратузилмаси ва профессионал тизимнинг бироз сусайишига олиб келган.

Бироқ сўнгги йилларда «Гулистон» клубини қайта тиклаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ўтган мавсумда жамоа вилоят иккинчи лигасида иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди. Бу натижа клубнинг қайта уйғониш жараёнидаги муҳим бурилиш нуқтаси бўлди ва жамоага нисбатан ишончни қайта тиклади.

Ноябрь ойидан бошлаб клуб тўлиқ қайта ташкил этиш жараёнига киришди. Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан бошқарув тизими янгиланди. Клуб раҳбари сифатида Ойбек Ашурматов Шодмонқулович тайинланди. Бош директор лавозимига эса тажрибали собиқ футболчи Жаҳонгир Жиямуродов жалб этилди. Бу қарорлар клубни профессионал бошқарув асосида ривожлантириш, молиявий ва ташкилий тизимни мустаҳкамлашга қаратилди.

Бош мураббий сифатида Аббос Эргашев иш бошлади. Унга ёрдамчи мураббийлар сифатида Аббос Махсталиев ва Зафар Қорақулов қўшилди. Янги мураббийлар штаби олдига қисқа муддат ичида рақобатбардош жамоа шакллантириш, ёш ва тажрибали футболчиларни уйғунлаштириш вазифаси қўйилди.

Жамоа янги мавсум олдидан қарийб тўрт ой давомида жиддий тайёргарлик кўрди. Таркиб асосан маҳаллий футболчилар ҳисобидан кучайтирилди. Шоҳназар Норбеков, Муҳаммад Исаев, Шаҳзодбек Ғофурбеков, Ихтиёр Тошпўлатов каби Суперлига даражасидаги футболчилар жамоага жалб этилди.

«Гулистон» футбол клуби янги мавсумни жуда юқори кайфият ва ишонч билан бошлади. Жамоа нафақат лига баҳсларида, балки мамлакат кубоги доирасида ҳам ўзининг жиддий амбицияларини намоён этиб, мухлисларни хурсанд қилди.

Ўзбекистон кубоги саралаш босқичида «Гулистон» бир нечта муҳим синовлардан муваффақиятли ўтди. Жамоа «SONYC X», «Локомотив BFK» ҳамда «Азур» каби рақибларини мағлуб этиб, мусобақанинг гуруҳ босқичига йўл олди. Бу натижа клубнинг тайёргарлик даражаси ва жамоавий ўйин сифати тобора яхшиланаётганини кўрсатди.

Гуруҳ босқичида ҳам «Гулистон» ўзининг барқарор ўйин услубини давом эттирди. Элита вакили ҳисобланган «Бухоро» жамоаси ҳамда Про лигада иштирок этаётган «БухДУ» устидан қозонилган ғалабалар клуб учун катта сенсация бўлди. Ушбу натижалар эвазига жамоа Ўзбекистон кубогининг нимчорак финал босқичига йўл олди ва мусобақадаги юришини давом эттириш имкониятини қўлга киритди.

Айни пайтда лига баҳсларида ҳам «Гулистон» ўз устунлигини яққол намоён этмоқда. Биринчи лига Марказ минтақасида жамоа 9 та ўйинда 9 та ғалаба қайд этиб, мутлақ етакчига айланди.

Умуман олганда, «Гулистон» клубининг ушбу мавсумдаги старти Сирдарё футболи тарихида янги саҳифа очаётганини англатади. Кубокдаги муваффақиятлар ва лига ўйинларидаги тўлиқ ғалабалар жамоанинг Про лигага чиқиш йўлидаги асосий даъвогарлардан бирига айланганини тасдиқламоқда.

Ўз навбатида, клуб инфратузилма жиҳатдан ҳам Про лигага ҳозирланиб бормоқда. Ҳозирда «Гулистон» марказий ўйингоҳида кенг кўламли реконструкция ишлари давом этмоқда. Стадион инфратузилмасини янгилаш, мухлислар учун қулай шароит яратиш ва профессионал талаблар даражасига олиб чиқиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Бу эса келажакда жамоага катта ўйинларни ўз майдонида ўтказиш имкониятини беради.

Шу ўринда вилоят ҳокимлиги ҳамда футболни ривожлантириш йўлида ўз ҳиссасини қўшаётган барча масъул ташкилотларга Лига самимий миннатдорчилигини билдиради. Уларнинг қўллаб-қувватлови ва ташаббуслари туфайли «Гулистон» каби жамоаларда қайта тикланиш жараёнлари изчил давом этмоқда.

Келгусида ҳам ушбу саъй-ҳаракатлар давом этиб, Сирдарё футболи янада ривож топишига, ёш иқтидорлар учун янги имкониятлар яратилишига ишонч билдирамиз. «Гулистон» жамоасига эса яқинлашиб келаётган ўйинларда омад ва янги ғалабалар тилаб қоламиз.

Манба: pfl.uz
Киритилди: 05:23, 12.06.2026.
Ўқилди: 485 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик