Туриннинг «Ювентус» клуби Жованни Карневали жамоанинг бош ижрочи директори ва бош менежери лавозимига тайинланганини тасдиқлади. Бу ҳақда Турин клуби матбуот хизмати хабар бермоқда.
Италиялик мутахассис ушбу лавозимда ўзаро келишувга кўра клубни тарк этган Дамьен Комоллининг ўрнини эгаллади. Қайд этилишича, Комолли клуб ичидаги беқарорлик ҳамда бош мураббий Лучано Спаллетти билан юзага келган кескин муносабатлар фонида Туринни тарк этишга қарор қилган.
«Ювентус» клубининг расмий баёнотида Карневалининг «Сассуоло» клубидаги муваффақиятли фаолияти алоҳида эътироф этилган. У ерда мутахассис «барқарор бошқарув моделини яратиш ва ёш футболчилар билан ишлаш тизимини ривожлантиришда муҳим рол ўйнаган».
Карневали Турин клубидаги фаолиятини анча мураккаб трансфер мавсумида бошламоқда. Гап шундаки, «Ювентус»нинг Чемпионлар лигаси йўлланмасидан қуруқ қолгани клуб бюджетига жиддий молиявий зарар етказди. Бу эса жамоанинг жорий ёзги трансфер ойнасидаги таркибни кучайтириш стратегиясига сезиларли даражада таъсир кўрсатиши мумкин.













