«Арсенал» шу ёзда «Тоттенхэм»ни тарк этадиган ёш марказий ҳимоячи Элайжа Апсонга жиддий қизиқиш билдирмоқда.
«Арсенал»нинг собиқ ҳимоячиси Мэттью Апсоннинг ўғли бўлган 18 ёшли футболчи «шпорлар»нинг профессионал шартнома борасидаги таклифини рад этди ва 2026 йилнинг 30 июнида клубдан кетади. Бу ҳақда аввалроқ Lilywhite Rose инсайдерлик платформаси хабар берган эди, эндиликда эса ушбу маълумотни The Athletic нашри тасдиқлади.
Якунланган мавсумда Элайжа «Тоттенхэм»нинг ўсмирлар ва ёшлар жамоасида тўп суриб, умумий ҳисобда 23 та ўйинда майдонга тушди, 1 та гол урди, 1 та голли узатмани амалга оширди, 3 та сариқ ва 1 та қизил карточка олди. Шунингдек, футболчи ҳисобида Англия U18 терма жамоаси сафида 2 та ўйин ва 1 та гол бор.













