«Вест Хэм»нинг марказий ярим ҳимоячиси Матеуш Фернандеш «Манчестер Юнайтед» билан музокараларни давом эттирмоқда. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо маълум қилди.
Манбанинг берган маълумотларига кўра, «Манчестер Юнайтед» ва Фернандеш ўртасидаги музокаралар яхши суръатда ривожланмоқда, чунки 21 ёшли португалиялик футболчи «қизил иблислар» лагерига кўчиб ўтишни жуда ҳам хоҳламоқда.
«Вест Хэм» Фернандешни тахминан 98,6 миллион еврога баҳоламоқда, аммо идеал вариантда «болғачилар» у учун 116 миллион евро олишни исташади. Бироқ «Манчестер Юнайтед» камроқ суммага келишиб олишга ҳаракат қилмоқда ва ҳеч қаерга шошилаётгани йўқ. Гранд клуб ўсиб бораётган ярим ҳимоячи учун ҳаддан ташқари ортиқча пул тўлаб юбормаслик мақсадида музокараларни эҳтиёткорлик билан олиб бормоқда.
Якунланган мавсумда Фернандеш барча мусобақаларда 42 та учрашувда майдонга тушиб, 5 та гол урди ва 5 та голли узатмани расмийлаштирди.













