Мадриднинг «Реал» клуби марказий ярим ҳимоячиси Дани Себальос жамоани эркин агент мақомида тарк этади. Бу ҳақда таниқли инсайдер Фабрицио Романо хабар бермоқда.
Манбанинг таъкидлашича, бу борадаги қарор узил-кесил қабул қилиб бўлинган. Себальос фаолиятида янги саҳифа очишга тайёр, чунки у «қаймоқранглилар»нинг янги бош мураббийи Жозе Моуриньонинг режаларидан ўрин олмаган.
Бундан олдинроқ, 29 ёшли Себальос билан Испаниянинг «Бетис» клуби жиддий қизиқаётгани ва трансферни қисқа фурсатлар ичида расмийлаштиришга тайёр эканлиги хабар қилинган эди.
Ортда қолган 2025/26 йилги мавсумда Себальос барча турнирларни ҳисобга олган ҳолда 23 та учрашувда майдонга тушди ва бирорта ҳам самарали ҳаракатни (гол ёки ассист) амалга ошира олмади.
Transfermarkt портали маълумотларига кўра, испаниялик футболчининг трансфер бозоридаги жорий баҳоси 7 миллион еврони ташкил этади.













