«Барселона» дарвозабони Жоан Гарсия Каталония клубидаги илк мавсуми ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Мавсум якунларига кўра, футболчи Испания терма жамоасининг Жаҳон чемпионати учун қайдномасидан жой олди.
«Агар бошқача қарор қабул қилганимда нима бўлишини билмайман. Аммо бу трансфер менга жуда катта ёрдам берганига ишончим комил. Бу ерда ўйинлар кўп ва талаб даражаси анча юқори», — деди Гарсия Catalunya Radio нашрига берган интервьюсида.
«Терма жамоа бош мураббийи футболчиларни имкон қадар Жаҳон ёки Европа чемпионатига ўхшаш, босим юқори бўлган муҳитда кўришни истайди. Бундай юқори талабчан клубда тўп суриш эса мураббийнинг якуний қарорга келишига ҳақиқатан ҳам ёрдам беради».
Якунланган мавсумда футболчи Испания чемпионига айланди. У клуб миқёсидаги барча мусобақаларда жами 45 та учрашувда майдонга тушиб, ўз дарвозасидан 42 та тўп ўтказиб юборди. Шунингдек, 18 та ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. «Барселона»га ўтгунига қадар Гарсия «Эспаньол» шарафини ҳимоя қилган.













