«Манчестер Сити» ва Бельгия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Жереми Доку Жаҳон чемпионати вақтида миллий жамоа ихтиёрини вақтинчалик тарк этишга тайёрлигини маълум қилгач, можаролар марказида қолди. Бунга футболчининг рафиқаси тез орада уларнинг тўнғич фарзандини дунёга келтириши сабаб бўлган.
Ижтимоий тармоқлардаги баҳс-мунозараларга L’Equipe нашри журналисти Франс Пьерроннинг фикрлари сабаб бўлди. У футболчининг бу қарорини кескин қоралади. Журналист аёл ўз сўзларида туғруқ жараёни шундай воқеаликки, унда «ота мутлақо фойдасиз, у шунчаки оддий ортиқча одам» эканлигини таъкидлаган.
«Сен у ерда 10 соат вақтингни йўқотасан, ҳолдан тоясан, ҳиссий тушкунликка тушасан ва руҳан бутунлай чарчаб, Жаҳон чемпионати ўйинларига тайёр бўла олмайсан», — дея қўшимча қилган журналист.
Бироқ француз журналистининг бу чиқиши ижтимоий тармоқларда кескин норозилик тўлқинини келтириб чиқарди. Бокс бўйича собиқ Олимпиада чемпиони Браим Аслум ушбу фикрларга мутлақо қўшилмаслигини билдириб, фарзанднинг дунёга келиши ҳар қандай спорт мусобақасидан устун ва муҳимроқ эканлигини айтди.
Ҳозирча Бельгия қироллик футбол ассоциацияси Жереми Доку гуруҳ босқичи доирасида Эронга қарши кечадиган навбатдаги муҳим ўйинда майдонга туша олиш-олмаслиги борасида расмий баёнот бергани йўқ. Эслатиб ўтамиз, Бельгия 1-турда Миср билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган эди.













