Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клуби ёзги трансферлар ойнаси вақтида ярим ҳимоя чизиғини тубдан кучайтиришни мақсад қилган. Бунинг учун раҳбарият 100 миллион фунт стерлингдан (тахминан 116 миллион евро) ортиқ маблағ ажратишга тайёр.
Fichajes нашрининг хабар беришича, жамоа скаутлари айни пайтда Англия Премьер Лигасининг уч нафар футболчиси — “Брайтон” аъзоси Карлос Балеба, “Борнмут” футболчиси Алекс Скотт ҳамда “Вест Ҳэм” вакили Матеуш Фернандешни фаол кузатиб бормоқда. Клуб раҳбарияти ушбу ўйинчиларни янги мавсум олдидан марказий чизиқдаги бўшлиқларни тўлдириш учун асосий номзодлар сифатида кўрмоқда. Бироқ, “қизил иблислар” бюджетни тўғри тақсимлаш мақсадида юқоридаги учликдан фақат икки нафарини ўз сафига қўшиб олишни режалаштирган.
Шунингдек, жамоа нафақат ярим ҳимоя, балки ҳимоя чизиғини ҳам кучайтиришни мақсад қилган. Аввалроқ “манкунианликлар” раҳбарияти “Ньюкасл” аъзоси Льюис Ҳолл ҳамда “Фулҳэм” ҳимоячиси Энтони Робинсонни фаол кузатиб бораётгани ва улар бўйича расмий таклиф тайёрлаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган мавсумда “Манчестер Юнайтед” Англия Премьер Лигасида 38 учрашув ўтказиб, 71 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида учинчи ўринни эгаллади. Чемпионлик эса 85 очко тўплаган Лондоннинг “Арсенал” жамоасига насиб этганди.













