Лионель Месси Жаҳон чемпионати — 2026 гуруҳ босқичидан ўрин олган Аргентина ва Иордания терма жамоалари ўртасидаги учрашувда (3:1) жарима зарбасидан гол уришга муваффақ бўлди.
39 ёшли ҳужумчи 60-дақиқада захирадан майдонга тушганидан 20 дақиқа ўтиб, яъни 80-дақиқада рақиб дарвозасини ишғол қилди ва учрашувнинг якуний ҳисобини ўрнатди. Opta статистик портали маълумотларига кўра, Месси Жаҳон чемпионатлари тарихида (статистика 1966 йилдан буён юритилади) тўғридан-тўғри жарима зарбасидан икки бор гол урган дунёдаги атиги олтинчи футболчига айланди. Лионель ўзининг бу борадаги илк голини 2014 йилги мундиалда Нигерия терма жамоаси билан баҳсда киритган эди.
Бунгача Жаҳон чемпионатларида жарима зарбасидан бир мартадан кўп гол уриш фақат бразилиялик Пеле ва Ривелино, перулик Теофило Кубильяс, франциялик Бернар Женгини ҳамда англиялик Дэвид Бекхэмга насиб этган эди. Ҳозиргача ҳеч ким ЖЧларда жаримадан учта гол ура олмаган — Мессида мутлақ рекордчига айланиш учун яхши имконият бор.













