«ПСЖ» қанот ҳужумчиси Брэдли Баркола агар катта таклиф олса, Франция клубини тарк этиши мумкин. Бу ҳақда журналист ва инсайдер Фабрицио Романо Х ижтимоий тармоғида хабар бермоқда.
Манбага кўра, Баркола билан боғлиқ вазият мавҳумлигича қолмоқда, чунки Франция клуби ҳужум чизиғига иккита трансфер тайёрламоқда — «Монако» вингери Магнес Аклиуш ва «РБ Лейпциг» ҳужумчиси Ян Диоманд. Таъкидланишича, франциялик вингер «Ливерпуль»нинг устувор мақсадлари рўйхатидан жой олган. Англия клуби футболчига 2025 йилнинг ёзидан бери қизиқиш билдирмоқда.
Аввалроқ «ПСЖ» Диоманд билан беш йиллик шартнома борасида келишиб олгани хабар қилинган эди.
Якунланган мавсумда Баркола барча турнирларда 49 та ўйинда майдонга тушиб, 13 та гол ва 7 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2028 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt порталида берилган маълумотларга кўра, футболчининг бозор қиймати 70 миллион еврони ташкил этади.













