Туркия футбол федерацияси (TFF) президенти Иброҳим Ҳожиосманўғли Жаҳон чемпионати–2026 муносабати билан миллий терма жамоа футболчиларига аввал ваъда қилинган виллалар топширилишини ҳамда 16 миллион доллар миқдоридаги мукофот пуллари тақсимлаб берилганини маълум қилди.
— Ростдан ҳам футболчиларга вилла совға қиласизми? Айтишларича, у қўриқланадиган ҳудудда жойлашган экан?
— «Бу ерда ҳам ёлғон гапиришяпти. У қўриқланадиган ҳудуд эмас. Барча зарур рухсатномалар олинган, қурилиш яқин орада бошланади. Мен албатта ваъдамни бажараман ва футболчиларга ушбу виллаларни совға қиламан.
ФИФАдан 14 миллион доллар мукофот пули олдик. Биз яна ўз ҳисобимиздан 2 миллион доллар қўшдик. Бу маблағлар саралаш босқичида терма жамоага чақирилган барча футболчилар ўртасида тенг тақсимланди. Кейин эса жамоа сардорлари ҳар бир футболчидан маълум қисмини йиғиб, уни ўзаро тақсимлашди», — деди Ҳожиосманўғли.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил март ойида Ҳожиосманўғли Туркия терма жамоаси футболчиларига Жаҳон чемпионати–2026 йўлланмасини қўлга киритганлари учун ўз шахсий маблағи ҳисобидан Бодрум шаҳридаги ҳашаматли виллаларни совға қилишини ваъда қилган эди. Шунингдек, плей-оффдаги ғалабадан кейин самолёт бортида ҳар бир футболчига қўшимча равишда 1 миллион евро миқдорида мукофот берилишини ҳам эълон қилган.
Жаҳон чемпионати–2026да Туркия терма жамоаси D гуруҳида 3 очко билан сўнгги ўринни эгаллаб, мусобақани гуруҳ босқичидаёқ тарк этди. Винченцо Монтелла шогирдлари дастлаб Австралияга (0:2) ва Парагвайга (0:1) мағлуб бўлиб, плей-офф имкониятини эрта йўқотди. Бироқ сўнгги турда турнир мезбони АҚШ терма жамоасини Каан Айҳаннинг 98-дақиқадаги ғалаба голи эвазига 3:2 ҳисобида мағлуб этишга муваффақ бўлди.













