Франциялик афсонавий собиқ ҳужумчи Тьерри Анри ҳозирги Франция терма жамоаси таркибида кимни энг муҳим ўйинчи деб ҳисоблашини маълум қилди.
«Арсенал»нинг собиқ футболчиси «Бавария»нинг 24 ёшли вингери Майкл Олисени алоҳида эътироф этди.
«Тўпсиз ҳаракат қилиш борасида унга тенг келадигани йўқ. Одатда бундай техник футболчилар ҳимоявий вазифаларни унутиб қўйишади ва ҳамма уларни фақат тўп билан қилган ҳаракатларига қараб баҳолайди, аммо Олисе унақалардан эмас. У ҳақиқий фрик (ўз ишининг телбаси).
Майкл ўйинга шунчаки бошқача нигоҳ билан қарайди. У бошқа сайёрадан, шунчаки ўзгача. Энг зўри деб доим Мбаппени тан олишади, чунки сермаҳсуллик борасида унга ҳеч ким тенглаша олмайди, лекин жамоанинг энг муҳим ўйинчиси — Олисе», — дея баёнот берди Анри FOX Soccer студиясида «учранглилар»нинг Швецияга қарши ўйини (3:0) якунларини сарҳисоб қилатуриб.
Майкл Олисе шведлар билан баҳсда иккита голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Килиан Мбаппе эса учрашувда дубль муаллифига айланди.













