Марказий ярим ҳимоячи Генрих Мхитарян Миланнинг «Интер» клуби билан меҳнат битимини узайтирди. Бу ҳақда Италия клуби матбуот хизмати расмий сайт орқали мухлисларга маълум қилди.
Арманистон терма жамоаси фахрийси «нерадзурри» сафида яна бир йил — 2026/27 йилги мавсум якунига қадар тўп суради.
«Интер»га ўтган вақтидан бери Мхитарян жамоага улкан тажриба, юқори техник маҳорат ва фавқулодда тактик зеҳн олиб кирди ҳамда ўзини “нерадзурри” ярим ҳимоясининг асосий фигураси сифатида намойиш эта олди», — дейилади клуб баёнотида.
37 ёшли ярим ҳимоячи Милан жамоасида 2022 йилдан буён ўйнаб келмоқда. У ушбу давр мобайнида барча турнирларда 187 та ўйинда майдонга тушиб, 12 та гол ва 21 та голли узатмага муаллифлик қилди. «Интер» таркибида Мхитарян икки бор Италия чемпиони унвонига сазовор бўлган.













