«Наполи» клуби собиқ бош мураббийи Антонио Конте Италия миллий терма жамоасини бошқариш учун ўз молиявий талабларини сезиларли даражада камайтиришга тайёр. Бу ҳақда Calciomercato нашри хабар бермоқда.
56 ёшли мутахассис даромадининг 50 фоизга тушишига қарши эмас. Агар Конте «Наполи»да йилига тахминан 8 миллион евро ишлаб топган бўлса, миллий терма жамоадаги фаолият учун у мавсумга тахминан 4 миллион евро олишга рози.
Бундай талаблар билан Контенинг тайинланиши барибир Роберто Манчинини таклиф қилишдан кўра қимматроққа тушади. Манбанинг берган маълумотига кўра, Манчини 2 миллион евро маошга розилик билдирган.
Италия терма жамоаси бош мураббийи пости Женнаро Гаттузо кетганидан кейин бўшаб қолган эди. Гаттузо Италияни Жаҳон чемпионатига олиб чиқа олмаганди.













