Англия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Эллиот Андерсоннинг «Ноттингем Форест»дан «Манчестер Сити»га ўтиши Британия футболи тарихидаги энг қиммат трансферга айланди. Бу ҳақда Daily Mail хабар берди.
Манба маълумотига кўра, трансфер суммаси 135 миллион еврони ташкил этган. Шу тариқа, Андерсон аввалги рекорд соҳиби Жуд Беллингемни ортда қолдирди. Беллингем Дортмунднинг «Боруссия» клубидан Мадриднинг «Реал»ига 130 миллион евро эвазига кўчиб ўтган эди.
Шунингдек, Андерсон трансфери футбол тарихидаги энг қиммат бешта трансфер қаторига ҳам кирди. Бу рўйхатда биринчи ўринни Неймарнинг «Барселона»дан «ПСЖ»га 222 миллион евро эвазига амалга ошган трансфери эгаллаб турибди.
Эллиот Андерсон «Ньюкасл» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. У ўтган мавсум Англия Премьер-лигасида 38 та учрашувда иштирок этиб, 4 та гол урди ва 4 та голли узатмани амалга оширди.













