Мадриднинг «Атлетико» клуби бош мураббийи Диего Симеоне 2026 йилги жаҳон чемпионатида Аргентина терма жамоаси сафида иштирок этаётган ҳужумчи Хулиан Альварес билан суҳбатлашганини маълум қилди. Шунингдек, у футболчининг клубдаги келажаги ҳақида ҳам фикр билдирди.
ЖЧ-2026 доирасида Австрия устидан қозонилган 2:0 ҳисобидаги ғалабадан кейин Альварес: «Келажагим учун энг яхши қарор — трансфер», дея баёнот берган эди.
«Ҳозир Хулианнинг келажаги — фақат Аргентина терма жамоасининг Кабо-Вердега қарши ўйини. У бор эътиборини шу баҳсга қаратиши ва бошқа нарсалар ҳақида ўйламаслиги керак. Бу осон эмас, чунки атрофида турли воқеалар бўлаяпти. Аммо вақт келганда ҳаммаси ҳаётда бўлгани каби ўз ечимини топади.
Альварес билан учрашувим ҳақида айтсам, мен терма жамоа қароргоҳига ўғлим Жулианони кўриш учун боргандим ва ўша ерда Хулиан билан ҳам қисқача суҳбатлашиш имкониятига эга бўлдим. Ундан аҳволини ва тўпиғидаги жароҳати қандай эканини сўрадим. У менга ўзини юз фоиз тайёр ҳис қилаётганини айтди. Охирги учрашувда у ўзига ўхшамади, аммо ҳозир ўйин суръатини қайта тиклади ва бошқача шиддат намойиш этмоқда.
Альварес — ажойиб футболчи. Айни пайтда у «Атлетико»нинг энг яхши ўйинчиси. Унинг статистикаси барчасини кўрсатиб турибди ва ҳақиқатан ҳам фавқулотда. У жамоамизда намойиш этаётган ўйини билан ноёб футболчи эканини исботламоқда. Биз ундан ва унинг ўйинидан жуда мамнунмиз», — деди Симеоне ESPN нашрига берган интервьюсида.













