Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Италиядан илк суратини ижтимоий тармоқда эълон қилди.
Афсонавий ҳимоячи ўзининг Instagram саҳифасида Неаполда машғулот ўтказаётган "Luna Rossa Prada Pirelli" елканли жамоаси суратини улашди. Жамоа 38-Америка кубоги олдидан ўтказиладиган саралаш регатасига тайёргарлик кўрмоқда. Суратда Неаполь қўлтиғи ва Тиррен денгизининг гўзал манзараси акс этган.
Жаҳон чемпионати якунланганидан кейин Каннаваро Ўзбекистон терма жамоаси билан бирга Тошкентга қайтмади. У АҚШдан тўғридан-тўғри Нью-Йоркка йўл олиб, у ердан Италияга учиб кетди.
Бош мураббий бу қарорини икки ой давом этган узлуксиз ишдан кейин қаттиқ чарчаганини айтиб изоҳлади. Унинг таъкидлашича, айни пайтда ҳам футболчилар, ҳам мураббийлар штабига тўлиқ дам олиш зарур. Шу билан бирга, Каннаваро сентябрь ойида Ўзбекистонга қайтиб, Осиё кубогига тайёргарликни бошлаш учун ўз вазифасига киришишини расман маълум қилди.
Каннаваро бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихидаги илк жаҳон чемпионатида "K" гуруҳида иштирок этди ва мусобақани гуруҳ босқичида якунлади.














