«Бока Хуниорс» клубининг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Томас Аранда Лондоннинг «Арсенал» клуби радарига тушди. Бу ҳақдаги маълумот билан журналист Экрем Конур ўртоқлашди.
Манбанинг берган маълумотларига кўра, «Арсенал» Жанубий Американинг энг истиқболли футболчиларидан бири ҳисобланган Арандага қизиқиш билдирмоқда. Клуб уни диққат билан кузатиб, ривожланишини баҳолаб бормоқда, бироқ ҳозирча расмий таклиф киритиш борасида якуний қарорга келгани йўқ.
Таъкидланишича, Аранданинг «Бока Хуниорс» билан шартномасида 17,5 миллион евро миқдорида товон пули белгиланган. Бироқ, 19 ёшли хавбекка нафақат «Арсенал», балки А Серия, Бундеслига ва Ла Лига клублари томонидан ҳам жиддий қизиқиш мавжуд.
Жорий 2026 йилда Аранда барча турнирларни ҳисобга олган ҳолда 22 та учрашувда майдонга тушди, 2 та гол урди ва 2 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди.













