Туриннинг «Ювентус» клуби «Парма» ҳужумчиси Матео Пеллегринони ўз сафига қўшиб олиш бўйича дастлабки расмий таклифини юборди, бироқ А Сериянинг икки клуби ўртасидаги илк музокаралар муваффақиятсиз якунланди. Бу ҳақда Tuttosport нашри хабар тарқатди.
Маълум қилинишича, «туринликлар» 30 миллион евролик таклиф билан чиқишган бўлиб, унга кўра футболчи аввалига ижарага олиниши ва кейинчалик муайян шартлар бажарилганда (масалан, «Ювентус»нинг кейинги мавсумда кучли ўнликдан жой олиши) тўлиқ сотиб олиниши кўзда тутилган эди. Бироқ «Парма» раҳбарияти ушбу шартларга рози бўлмади. Пармаликлар футболчини тўлиқ трансфер қилишни ёки ижара тўлови анча юқори бўлган бошқача кўринишдаги шартнома имзолашни афзал кўришмоқда.
Шунга қарамай, икки клуб ўртасидаги музокаралар тўхтаб қолгани йўқ. Томонларнинг футболчи борасидаги молиявий баҳолари бир-бирига яқин бўлиб, яқин соатларда янги учрашувлар ўтказилиши кутилмоқда.
Calciomercato.com нашрининг қўшимча қилишича, ҳужумчи Душан Влахович жамоани тарк этганидан сўнг «Ювентус» фаол равишда марказий ҳужумчи қидирмоқда. Клуб аввалроқ «Женоа»дан 19 ёшли Жефф Экхаторни сотиб олган бўлса-да, янги мавсум олдидан тажрибали ҳужум чизиғи вакилига эҳтиёж сезмақда. Пеллегринонинг ўзи Турин клубига ўтишга хайрихоҳ, бироқ унга Премьер-лига ва Ла Лига жамоаларидан ҳам қизиқишлар мавжуд.













