Ўзбекистонда “Барселона” футбол клубининг расмий халқаро академияси — “Barca Academy” лойиҳасини амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилмоқда. Спорт вазири Адҳам Икрамов раислигида Каталония клуби вакиллари билан Zoom платформаси орқали онлайн учрашув бўлиб ўтган. Унда Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, “Барселона” клуби ижроия қўмитаси аъзоси Сесар Мартинес, шунингдек, клубнинг Barca Innovation Hub (билимлар, илмий тадқиқотлар ва инновациялар платформаси) бош директори Алберт Мундет иштирок этган.
Учрашув давомида Ўзбекистонда “Barca Academy” лойиҳасини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган. Мазкур лойиҳа мамлакатда болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш, ёш ўйинчиларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш ҳамда замонавий ўқитиш методикаларини жорий этишга қаратилган.
Иштирокчилар академиянинг фаолияти, машҳур “Ла Масиа” методологиясига асосланган таълим тизими, мураббийлар малакасини ошириш, замонавий футбол фалсафасини татбиқ этиш ҳамда иқтидорли футболчиларни саралаб олиш (селексия) жараёнлари юзасидан ўзаро фикр алмашган.
Суҳбат давомида Марказий Осиёдаги илк расмий “Barca Academy” 2023-йилда Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида ўз фаолиятини бошлагани ва айни пайтда Бишкекда иккинчи академияни очиш устида ишлар олиб борилаётгани алоҳида қайд этилган.
Учрашув якунларига кўра, томонлар Ўзбекистонда “Barca Academy” лойиҳасини амалга ошириш имкониятларини биргаликда батафсил ўрганиб чиқишга келишиб олган. Шунингдек, болалар футболини ривожлантириш, маҳаллий мураббийлар малакасини ошириш ва футбол соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришнинг истиқболдаги йўналишлари белгилаб олинган.













