«Тоттенхэм» ҳимоячиси Кристиан Ромеро ёзги трансфер ойнасида клубни тарк этиши мумкин. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо ўзининг ижтимоий тармоқларида маълум қилди.
Манбага кўра, «Интер» сўнгги кунларда Лондон клуби билан музокаралар олиб борган ва унда аргентиналик ҳимоячининг трансфери эҳтимолий вариантлардан бири сифатида муҳокама қилинган. Клублар ўртасидаги алоқалар Жед Спенс бўйича ўтказилган музокаралар доирасида юзага келган.
Милан клуби Ромеронинг трансферига қизиқиш билдирмоқда, бироқ потенциал келишув ўйинчининг юқори трансфер нархи туфайли мураккаблашмоқда. Ҳимоячига нисбатан «Барселона» ҳам қизиқиш сақлаб қолмоқда.
Ўтган мавсумда 28 ёшли футболчи 32 та ўйинда майдонга тушиб, 6 та гол урди ва 4 та голли узатмани амалга оширди. Transfermarkt версиясига кўра, Ромеронинг бозор қиймати 45 миллион еврони ташкил этади.













