Transfermarkt портали 2026-йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларининг трансфер нархларини янгилади.
Мундиалдаги иштирокдан сўнг Ўзбекистон терма жамоасининг икки нафар ёш ҳимоячиси бозор қийматида ўсиш қайд этилган. Хусусан, 22 ёшли марказий ҳимоячи Жаҳонгир Ўрозовнинг трансфер нархида ижобий ўзгариш кузатилди: унинг аввалги нархи 600 минг евро бўлган бўлса, янгиланишдан сўнг айни пайтдаги бозор қиймати 1,2 миллион евро этиб белгиланди. Шунингдек, терма жамоа таркибидаги энг ёш ўйинчилардан бири бўлган, бунгача 350 минг еврога баҳоланган 18 ёшли ўнг қанот ҳимоячиси Беҳруз Каримовнинг ҳам нархи сезиларли даражада кўтарилди ва унинг трансфер қиймати эндиликда 1 миллион еврога етди.
Ўзбекистон терма жамоасининг умумий қиймати эса 86,38 миллион евро этиб белгиланган. Таркибдаги энг қиммат футболчиси Абдуқодир Ҳусанов ҳисобланади. 22 ёшли футболчининг қиймати 50 миллион еврога тенг. Ундан кейинги ўринларни 31 ёшли ҳужумчи Элдор Шомуродов ва 22 ёшли ўнг қанот вингери Аббосбек Файзуллаев банд этган бўлиб, ҳар икки футболчининг трансфер қиймати 7 миллион еврога баҳоланган. Кучли бешликни мос равишда 2 миллион евродан нарх белгиланган 28 ёшли марказий яримҳимоячи Азиз Ғаниев ҳамда 25 ёшли чап қанот вингери Остон Ўрунов якунлаб берган.













