Суперлига 14-туридан ўрин олган "Бунёдкор" — "Насаф" учрашуви республикадаги ҳозирча энг катта стадион чими ўзини тиклаб олмаганидан келиб чиқиб, Олимпия стадионида ўтказилди.
Аввал ҳам айтилганидек, ёз чилласи ва ундан чиқиш давомида Ўзбекистондаги кўплаб футбол майдонларида муаммолар кузатилади. Иқлимнинг кескин исиб кетиши оқибатларини бартараф этиш устида агрономлар тинмай меҳнат қилади. Худди шунингдек, "Бунёдкор" стадиони майсасини мавсумнинг иккинчи қисмига тайёрлаш ишлари ҳам давом этмоқда. Бироқ ҳолат ҳозирги вақтга қадар тўлиқ ўнгланмади.
Сир эмаски, аввалроқ Термиз ва Бухоро шаҳарларидаги стадионлар парвариши билан боғлиқ лоқайдликлар, бунинг оқибатида майса ҳолатидаги салбий ўзгаришлар сабаб Лига айрим учрашувларни бошқа шаҳарларга кўчириш юзасидан мажбурий қарорлар қабул қилганди. Гарчи "Бунёдкор" стадионида иш нисбатан тўғри йўлга қўйилган бўлса-да, Лига ишчи гуруҳи майдоннинг айни ҳолатдаги чимини Суперлига учрашуви учун тайёр эмас деб баҳолади. Талаб барча учун бир эканлигидан келиб чиқиб, "Бунёдкор"га камида яна битта тур учрашувини ўз майдонида ўтказиш учун рухсат берилмайди.
Шундан келиб чиқиб, Суперлига 14-туридан ўрин олган "Бунёдкор" ва "Пахтакор" учрашуви рақиб жамоа майдонига кўчирилди. Бу нафақат майдонда ижобий ўзгаришлар қилиш учун фурсат беради, балки тайёр бўлмаган чим устида расмий учрашув ўтказиш орқали, майдонни янада узоқроқ муддатга ишдан чиқариш эҳтимолини камайтиради.













