«Барселона» ярим ҳимоячиси Марк Касадо ушбу ёзги трансфер ойнаси ёпилгунга қадар Каталония клубини тарк этиш эҳтимоли сақланиб қолмоқда. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо хабар берди.
Яқин кунларда «Барселона» раҳбарияти ва футболчининг агенти Жорже Мендеш ўртасида учрашув ўтказилиши ва унда яримҳимоячининг жамоадаги мавқеи ҳамда келажакдаги энг мақбул вариантлар муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Касадога Европанинг бир қатор топ-клублари, шунингдек, Саудия Арабистони жамоалари томонидан жиддий қизиқиш билдирилмоқда. Агар 22 ёшли футболчи жамоани тарк этишга қарор қилса, унда бир нечта манфаатли вариантлар мавжуд.
Ҳозирча якуний қарор қабул қилингани йўқ. Барча томонлар келиб тушган таклифларни ҳамда «Барселона»нинг янги мавсум учун режаларини атрофлича баҳолагач, академия тарбияланувчиси клубда қолиши ёки фаолиятини бошқа жамоада давом эттиришига аниқлик киритилади.













