Халқаро Олимпия Қўмитаси ФИФА президенти Жанни Инфантинога нисбатан тергов ўтказмаслигини маълум қилди.
Аввалроқ, FairSquare нотижорат инсон ҳуқуқлари ташкилоти ХОҚга ФИФА президенти АҚШ президенти Доналд Трамп билан муносабатларида сиёсий бетарафлик қоидаларини бузганлиги ҳақида шикоят қилган эди.
Баёнотда ХОҚ аъзоси бўлган Инфантино Олимпия Хартияси ва ХОҚ ахлоқ кодексини бир неча бор бузганлиги айтилган. Бу, айниқса, "Фоларин Балогун иши"да яққол намоён бўлган.
Бироқ, ХОҚ вакили шикоят ФИФА бошқарув қарорлари ва ҳаракатларига тегишли бўлганлиги сабабли, ахлоқ комиссияси тергов ўтказиш ваколатига эга эмас деган хулосага келганини айтди.
“ХОҚ ахлоқ комиссияси FairSquare шикоятини диққат билан кўриб чиқди.
Комиссия Олимпия Хартиясига мувофиқ, ҳар бир халқаро федерация бошқарувда ўз мустақиллиги ва автономиясини сақлаб қолишини таъкидлайди. ХОҚ ахлоқ кодексининг халқаро федерациялар ва уларнинг мансабдор шахсларига қўлланилиш доираси фақат уларнинг ХОҚ билан муносабатлари билан чекланган.
ХОҚ ахлоқ комиссияси ФИФА президентига қарши шикоят фақат федерация бошқаруви, жумладан, ҳукумат билан муносабатлар ва унинг спорт қоидаларига риоя қилиш билан боғлиқ қарорларга тегишли эканлигини таъкидлади, бу эса ХОҚ ахлоқ кодексига алоқадор эмас.
Шунинг учун шикоят ХОҚ ахлоқ комиссиясининг ваколатига кирмайди. ФаирСқуаре бу ҳақда хабардор қилинган”, деди ХОҚ вакили.













