Италия истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Codacons уюшмаси Андреа Пирлонинг Россия букмекерлик компанияси билан ҳомийлик ҳамкорлиги юзасидан текширув бошлаш ташаббуси билан чиқмоқчи. Бу ҳақда Corriere dello Sport хабар берди.
Манбага кўра, ушбу ҳамкорлик Пирлони Италия терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинлаш мақсадга мувофиқлиги борасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. Италия футбол федерацияси (FIGC)нинг янги президенти Габриэле Малаго Пирло номзодини кўриб чиқмоқда, бироқ мамлакатда бу борада фикрлар иккига бўлинган. Шу муносабат билан Codacons Италиянинг Алоқа масалалари бўйича идораси (AGCOM)га расмий шикоят киритишини маълум қилди.
Уюшма баёнотида шундай дейилади:
«Codacons реклама, қимор ўйинлари ва пул тикиш билан боғлиқ ҳомийликни тақиқловчи қонунлар бузилгани юзасидан текширув бошлаш талаби билан AGCOMга расмий шикоят юборади».
Шунингдек, уюшма, агар Италия футбол федерацияси Пирлони бош мураббий лавозимига тасдиқласа, мазкур тайинловни бекор қилиш талаби билан Маъмурий судга даъво аризаси киритишини ҳам маълум қилди.
Codacons таъкидлашича, амалдаги Италия қонунчилигига мувофиқ, Пирло мамлакат футболида раҳбарлик лавозимларини эгаллаши мумкин эмас. Сабаби, у Россия букмекерлик компаниясининг элчиси сифатида фаолият юритмоқда ва ижтимоий тармоқлар орқали унинг рекламасини амалга оширмоқда. Уюшма фикрича, бу амалдаги ҳуқуқий меъёрларга зид ҳисобланади.
Агар AGCOM шикоятни қаноатлантирса, Пирлога ҳомийлик шартномаси қийматининг 20 фоизи миқдорида жарима солиниши мумкин. Шунингдек, жарима шартнома иштирокчилари — буюртмачи, реклама агентлиги ва элчининг ўзига ҳам қўлланилиши эҳтимолдан холи эмас.













