Ўзбекистон Суперлигасининг 14-туридан ўрин олган навбатдаги учта учрашув ўз якунига етди. Унда Фарғонада кечган марказий ўйинда “Нефтчи” ва “Навбаҳор” муроса йўлини танлаган бўлса, “Хоразм” ҳамда “Насаф” ўз майдонида минимал ҳисобдаги ғалабани қўлга киритди.
“Нефтчи” — “Навбаҳор”
Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида кечган муросасиз Водий дербиси тезкор гол билан бошланди. Учрашувнинг 3-дақиқасидаёқ Муҳаммадали Усмонов меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди — 0:1.
Ўйин якунига қадар ҳисобни тенглаштиришга интилган фарғоналиклар ўз мақсадига ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда эришди. 90+7-дақиқада Анваржон Ғофуров рақиб дарвозасини ишғол қилиб, “Нефтчи”ни мағлубиятдан қутқариб қолди ва учрашувда жанговар дуранг қайд этилди — 1:1.
Ўзбекистон Суперлигаси, 14-тур
“Нефтчи” — “Навбаҳор” 1:1
Голлар: 0:1 — Муҳаммадали Усмонов (3), 1:1 — Анваржон Ғофуров (90+7)
“Хоразм” — “Сурхон”
Турнинг яна бир учрашуви “Хоразм” спорт мажмуасида бўлиб ўтди. Унда мезбон “Хоразм” жамоаси Термизнинг “Сурхон” клубини қабул қилди.
Ўйиннинг биринчи бўлими ўрталарида учрашувдаги ягона гол киритилди. 34-дақиқада Улуғбек Ҳошимов “Хоразм”ни ҳисобда олдинга олиб чиқди — 1:0. Иккинчи бўлимда меҳмонлар мувозанатни тиклашга ҳаракат қилиб, қатор ҳужумлар ташкил этган бўлса-да, ҳисоб ўзгармади ва урганчликлар ўз мухлислари кўз ўнгида ғалабани тантана қилди.
Ўзбекистон Суперлигаси, 14-тур
“Хоразм” — “Сурхон” 1:0
Гол: 1:0 — Улуғбек Ҳошимов (34)
“Насаф” — “Қизилқум”
Қаршида кечган учрашув қизиқарли ва кескин курашларга бой бўлди. Унда “Насаф” Навоийнинг “Қизилқум” клубини қабул қилди.
Биринчи бўлим танаффусига қараб кетаётган бир паллада, аниқроғи 45+1-дақиқада қаршиликлар аъзоси Зафармурод Абдураҳматов 11 метрлик жарима зарбасидан (пенальтидан) унумли фойдалана олмади ва ҳисобни очиш имкониятини бой берди.
Иккинчи таймда ҳужумкорликни янада оширган мезбонлар барибир ўз мақсадига эришди. 82-дақиқада жамоа тўпурари Бобур Абдухолиқов рақиб дарвозасини ишғол қилиб, “Насаф”га муҳим ва қийин ғалабани тақдим этди — 1:0.
Ўзбекистон Суперлигаси, 14-тур
“Насаф” — “Қизилқум” 1:0
Гол: 1:0 — Бобур Абдухолиқов (82)
Амалга оширилмаган пенальти: Зафармурод Абдураҳматов (45+1)













