«Фенербаҳче» «Милан» ҳужумчиси Рафаэль Леаунинг трансфери устида ишлашни давом эттирмоқда.
Туркия клуби португалиялик футболчини 5 миллион еврога ижарага олишга ва кейинчалик 40 миллион еврога мажбурий сотиб олишга тайёр. Яна 2-3 миллион евро «россонери» ҳисобига бонуслар кўринишида тушиши мумкин, деб хабар беради журналист Даниэле Лонго. Аввалроқ «Милан» 27 ёшли футболчининг сотувидан тахминан 50-60 миллион евро ишлаб олмоқчи экани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган эди.
Рафаэль Леаунинг ўзи ҳам ҳозирча «Фенербаҳче» билан келишиб олгани йўқ: у мавсумга тахминан 12 миллион евро маош олмоқчи, шундан 2 миллион евросини турли бонуслар ташкил этади.
Футболчига Туркия чемпионатининг бошқа бир вакили — «Галатасарай» ҳам қизиқиш билдирган эди.













