Ироқ терма жамоаси ҳужумчиси Айман Ҳусайн фаолиятини Ўзбекистон Суперлигасида давом эттиради. Тажрибали футболчи Тошкентнинг “Пахтакор” клуби сафига келиб қўшилиши кутилмоқда.
Маълумотларга кўра, Айман Ҳусайн трансфер жараёнларини якунлаш ҳамда клуб билан расман шартнома имзолаш учун 30-июль, пайшанба куни Ўзбекистонга етиб келади. Ироқлик ҳужумчи “шерлар” билан “1+1” кўринишида (бир йиллик ва яна бир йилга узайтириш имконияти билан) битим имзолаши режалаштирилган. Манбаларда қайд этилишича, ҳужумчининг “Пахтакор”даги маоши ҳар бир мавсум учун 1 миллион долларни ташкил этади. Бу харид орқали у Ўзбекистон Суперлигасининг энг кўп маош олувчи футболчиларидан бирига айланади.
“Пахтакор” раҳбарияти ушбу трансфер орқали халқаро майдондаги, хусусан, Осиё Чемпионлар Лигасидаги (ОЧЛ) рақобатбардошликни оширишни кўзлаган.
Маълумот ўрнида, футболчи ўтган мавсумни Ироқнинг “Ал-Карма” клуби сафида ўтказган. Ҳужумчи клуб таркибида жами 18 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 9 та гол ҳамда 1 та голли узатмани ёздириб қўйган. Тransfermarkt портали ҳозирда Айман Ҳусайннинг бозор қийматини 400 минг еврога баҳоламоқда.













