Лондоннинг «Арсенал» клуби «Реал» вингери Винисиус Жуниорни ўз сафига қўшиб олиш имконияти жуда паст деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда Marca хабар берди.
Аввалроқ Англия клуби мадридликлар билан 2027 йил 30 июнгача амал қиладиган шартномасини ҳали узайтирмаган бразилиялик футболчига қизиқиш билдиргани маълум бўлган эди. Шунингдек, Винисиус «Арсенал»нинг ёзги трансферлар бозоридаги асосий мақсади экани ва бош мураббий Микель Артета уни жамоага олиб келиш ғоясини қўллаб-қувватлаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Marca нашрининг «Арсенал»даги манбаларига таяниб ёзишича, «тўпчилар» бу трансферни амалга ошириш имкониятини жуда паст баҳоламоқда. Клубдагилар Винисиус яқин орада «Реал» билан янги шартнома имзолайди, деб ҳисобламоқда.
Ўтган мавсумда бразилиялик ҳужумчи барча мусобақаларда 53 та учрашувда иштирок этиб, 22 та гол урди ва 14 та голли узатмани амалга оширди.
Transfermarkt маълумотига кўра, Винисиуснинг бозор қиймати 140 миллион еврони ташкил этади.













