УЕФАда Нассер Ал-Хелайфийнинг ФИФА президентлиги учун Жанни Инфантино билан курашишини исташмоқда.
The Telegraph нашрининг ёзишича, унинг номзодини қўллаб-қувватловчилар «ПСЖ» раҳбари келаси йили бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида Инфантинони лавозимидан четлатиш учун энг кўп имкониятга эга деб ҳисоблайди. Европа футбол мутасаддиларининг 52 ёшли қатарлик раҳбарни ушбу лавозимда кўришни хоҳлаётгани ҳақида Politico ҳам хабар бермоқда.
Европа мутасаддиларининг ФИФА раҳбариятида ўзгаришлар қилишни исташига асосий сабаблардан бири — Инфантинонинг Жаҳон чемпионати ҳуқуқларининг бир қисмини ташқи инвесторларга сотиш режаларидир.
Юқори мартабали мутасаддилардан бири швейцариялик раҳбарга рақиб сифатида «Дональд Трамп ёки Биньямин Нетаньяхудан ташқари ҳар қандай одамни қўллаб-қувватлашини» таъкидлаган.
Бироқ Ал-Хелайфийнинг ўзи бу лавозимга ўз номзодини қўйишни режалаштирмаяпти. Унинг вакили шундай деди:
«Жаноб Ал-Хелайфийнинг ФИФАдаги ролга ҳам, ОАВдаги бу шов-шувларга ҳам ҳеч қандай амбицияси, нияти ва манфаати йўқ. Бунинг ўрнига у жаҳон ва Европа футболининг барча институтларини тинч ва конструктив тарзда қўллаб-қувватлашда давом этади».













