«Барселона» ҳужумчи Ферран Торрес билан шартномани узайтиришни истаса, «Манчестер Сити»га 8 миллион евро тўлашига тўғри келади. Бу ҳақда Marca нашри журналисти Маттео Моретто хабар берди.
Манбага кўра, мазкур шарт 2022 йил январь ойида футболчининг «Манчестер Сити»дан «Барселона»га ўтиш трансфери вақтида имзоланган келишувга киритилган.
Ферран Торреснинг каталонияликлар билан амалдаги шартномаси яна бир йилдан кейин якунланади. Бироқ «Барселона» бир неча ойдан бери унинг шартномасини узайтириш борасида ҳеч қандай амалий қадам ташламаган. Шу сабабли футболчи ҳозирда клуб учун устувор номзод эмаслигини тушуниб турибди.
Хабар қилинишича, Торрес кейинги мавсумни ҳам шартномасини узайтирмасдан «Барселона» сафида ўтказиши мумкин. Аммо ПСЖнинг қизиқиши вазиятни ўзгартириши эҳтимолдан холи эмас.
Манбанинг таъкидлашича, парижликлар билан музокаралар келаси ҳафта бошланиши кутилмоқда. Ферран Торрес эса Каталонияда ўзини етарлича қадрланмаётганини ҳис қилаётгани учун клубни тарк этишга тайёр.













