Мадриднинг «Реал» клуби баёнот бериб, ФИФАнинг ташкилот раҳбари Жанни Инфантино томонидан Жаҳон чемпионати тижорий ҳуқуқларининг бир қисмини хусусий инвесторларга сотиш режасидан воз кечиш қарорини олқишлаб кути олди ҳамда УЕФАга ўз миннатдорчилигини билдирди.
«Реал Мадрид» футбол клуби ФИФАнинг мусобақаларни ўтказиш бўйича тижорий ҳуқуқларни қисман сотиш таклифидан воз кечиш қарорини олқишлайди. Клубимиз буни футбол, унинг институтлари ва энг аввало севимли спорт туримизнинг миллионлаб ишқибозлари учун ажойиб хабар деб ҳисоблайди.
«Реал» ушбу лойиҳага қарши қатъий ва масъулият билан чиққан УЕФА, конфедерациялар, федерациялар ҳамда сиёсий ташкилотларга ўз миннатдорчилигини билдиради. уларнинг бирдамлиги ва масъулият ҳисси ҳал қилувчи пайтда футболни ҳимоя қилиб қолди.
Клублар — бу халқаро футбол ва Жаҳон чемпионати барпо этиладиган пойдевордир. Айнан улар ушбу йирик мусобақаларни ўтказиш имконини берадиган футболчиларни топади, шуғуллантиради, ривожлантиради ва терма жамоаларга етказиб беради. Халқаро футбол ва Жаҳон чемпионати — бу энг аввало жамоатчилик манфаатига хизмат қиладиган воқеалар бўлиб, улар миллатлар, ишқибозлар ва бутун жамиятга тегишли меросдир. Шу сабабли, уларга ҳеч қачон танланган шахслар манфаати йўлида сотиладиган оддий молиявий актив деб қарамаслик керак.
«Реал» келажакдаги тижорий даромадларни сотишга бўлган ҳар қандай уринишларга, айниқса бу билан боғлиқ харажат ва таваккалчиликларни ўз зиммасига олмаган ҳолда амалга оширилишига кескин қарши. Айнан клублар ушбу харажатлар ва хавф-хатарларни кўтаради. Футболнинг келажакдаги даромадларини ўзлаштиришга қаратилган, аммо уларни топиш масъулиятини олмаган ҳар қандай ташаббус қабул қилиниши мумкин эмас ва бундан буён ҳеч қачон кўриб чиқилмаслиги керак», — дейилади клубнинг расмий сайтида эълон қилинган баёнотда.
Инфантино шахсан ўзига ўнлаб миллион фунт стерлинг фойда келтириши мумкин бўлган сотув режасини ишлаб чиқаётган эди ва музокаралар АҚШ президенти Дональд Трамп администрациясига яқин шахслар билан олиб борилган. Бир қатор футбол ташкилотлари ва спорт арбоблари ушбу қарорни кескин қоралади.













