«Барселона» қуйи лигага тушиб кетган «Жирона»ни шу ёзда тарк этиши кутилаётган ярим ҳимоячи Аззедин Унаҳини трансфер қилиш курашида тобора ортиб бораётган рақобатга дуч келмоқда.
Diario SPORT нашрининг хабарига кўра, Ла Лига чемпионлари Френки де Йонгнинг тиззасидан олган оғир жароҳатидан сўнг Марокаш терма жамоаси аъзосини таркибни кучайтириши мумкин бўлган номзод сифатида белгилаб олган. Унаҳининг майдондаги универсаллиги ва ЖЧ-2026даги ёрқин ўйинлари уни Ханси Флик учун жозибадор вариантга айлантирди.
Бироқ бу курашда фақат «Барселона»нинг ўзи иштирок этмаяпти. «Реал Бетис» 26 ёшли футболчи бўйича жиддий таклиф тайёрламоқда ва у майдон марказини креативлик ҳамда тактик мослашувчанлик билан кучайтиришига ишонмоқда.
Маълумотларга кўра, «Жирона» ЖЧда 6 та ўйинда 2 та гол уриб, ўз қийматини сезиларли даражада оширган Унаҳи учун қарийб 25 миллион евро талаб қилмоқда.
Ла Лигага қайтган «Депортиво Ла-Корунья» ҳам футболчига қизиқиш билдираётган бўлса-да, молиявий талаблар сабабли трансфер учун асосий даъвогарлар сифатида «Барселона» ва «Бетис» қолмоқда.













