«ПСЖ» Қозоғистонда футбол академияси очилганини эълон қилди. Париж клубининг академияси Астана шаҳрида фаолият юритади – 2026 йилнинг сентябрь ойида у ерда 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган 300 нафаргача бола таълим олишни бошлаши мумкин.
Шу тариқа, Қозоғистон «ПСЖ» академияларининг глобал тармоғидаги 24-мамлакатга айланди. Келажакда мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам филиаллар очиш режалаштирилган.
«Ҳозирда бутун Қозоғистон бўйлаб болаларнинг футболда янада фаол иштирок этиши ва спорт инфратузилмасига инвестицияларнинг ортиши туфайли футбол сезиларли даражада ривожланмоқда. Қозоғистонда «ПСЖ» академиясининг очилиши ушбу ижобий ўсишни акс эттиради ҳамда маҳаллий ўйинчиларга дунёдаги энг тан олинган футболни ривожлантириш дастурларидан биридан фойдаланиш имкониятини бериш орқали болалар ва ўсмирлар футболининг узоқ муддатли ривожига ҳисса қўшишга қаратилган», – дейилади «ПСЖ» баёнотида.













