Конго ДР терма жамоаси ҳимоячиси Шансель Мбемба «Лилль»ни эркин агент сифатида тарк этгач, фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттиради. 31 ёшли африкалик футболчи «Ад-Дирия» клуби билан шартнома имзолади.
«Ушбу ажойиб саргузашт учун «Лилль»га миннатдорчилик билдираман. Менга билдирган ишончи ва ушбу буюк клубга қўшилиш имкониятини бергани учун клуб президентига ташаккур айтмоқчиман.
Шунингдек, мураббийга, ходимларга, барча жамоадошларимга, мухлисларга ва клуб ходимларига мавсум давомидаги меҳмондўстлиги, қўллаб-қувватлагани ва унутилмас лаҳзалар учун миннатдорчилик билдираман. Сизга келажакда энг эзгу тилакларни тилайман. «Лилль» ҳамиша юрагимдан алоҳида ўрин эгаллайди», — деб ёзди Мбемба ижтимоий тармоқларда.
Transfermarkt портали футболчининг трансфер қийматини 2 миллион еврога баҳоламоқда.
Ўтган мавсумда Мбемба барча мусобақаларда 21 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та голли узатмани амалга оширди. ЖЧ-2026 да эса у тўртта ўйинда қатнашиб, битта ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди.













