Мадриднинг «Атлетико» клуби ҳужумчиси Хулиан Альварес тез орада клуб раҳбарияти билан учрашув ўтказади.
Аргентиналик футболчининг «матрасчилар» босслари билан шахсий суҳбати 10 август куни бўлиб ўтади, хабар беради журналист Херард Ромеро. ESPN Argentina ҳам шунга ўхшаш маълумот билан бўлишмоқда: форвард душанба куни клуб ихтиёрига қайтади, аммо бош мураббий Диего Симеоне ва раҳбарларга фақат «Барселона»да ўйнашни хоҳлашини очиқ-ошкор билдиради.
«Кўк-анорранглилар» аллақачон Хулиан Альварес учун 100 миллион евро таклиф қилишган. «Атлетико» музокаралар олиб боришни рад этмоқда, аммо таклиф ҳали ҳам ўз кучида қолмоқда. 26 ёшли футболчининг амалдаги шартномаси 2030 йилгача мўлжалланган.













