«Реал»нинг собиқ ҳужумчиси Фернандо Морьентес El Partidazo de COPE кўрсатуви эфирида «Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Родри атрофидаги вазиятга муносабат билдириб, Мадрид клуби раҳбариятини танқид қилди.
Унинг фикрича, «қироллик клуби» аслида испаниялик ярим ҳимоячини сотиб олиш учун етарлича ҳаракат қилмаган ва энди айбни футболчининг «Барселона» услубини танлаганига ағдаришга уринмоқда.
«Бу шунчаки ҳазил. Бизни аҳмоқ ўрнида кўришмоқда. Очиқ-один кўриниб турибдики, «Реал» аслида Родрини сотиб олишни истамаган.
«Реал» бу каби даражадаги футболчиларни шунчаки ўтказиб юбормайди. Клуб 14 ёшли ўнг қанот ҳимоячисини эътиборсиз қолдириши мумкиндир, аммо бундай миқёсдаги ўйинчини эмас.
«Реал» бу трансфер учун бор имкониятини ишга солмади. Энди эса жавобгарликни Родрига юклаб, гўёки у ўйин услуби сабаб «Барселона»ни танлади дейишмоқда. Футболдан хабари борлар учун бу шунчаки бемаъни ҳазил.
Катта савиядаги футболчини сотиб олишни чин дилдан истаганида, «Реал» бунга ҳамиша эришган. Луиш Фигу, Зинедин Зидан, Майкл Оуэн, Роналдо олиб келинган... Шундай экан, энди ҳеч ким менга Родри шунчаки бошқа клубда ўйнашни истаган деб айтмасин», — деди Морьентес.













