Англия Футбол ассоциацияси (FA) «Арсенал» академиясининг собиқ ўйинчиси Билли Вигарнинг ўлими сабабли ўтказилган хавфсизлик текширувидан сўнг футбол майдонлари периметри бўйлаб яхлит тўсиқлардан фойдаланишни тақиқлади.
21 ёшли футболчи 2025 йилнинг сентябрь ойида Англиянинг 7-дивизионида «Чичестер Сити» жамоаси таркибидаги ўйин вақтида олган оғир бош мия жароҳатидан сўнг вафот этган эди. Жароҳат майдон яқинида жойлашган бетон девор билан тўқнашув оқибатида олинган деб тахмин қилинмоқда.
Текширув якунларига кўра, Англия Миллий лигаси (бешинчи дивизион ва ундан қуйи) ҳамда Аёллар миллий лигаси (3- ва 4-дивизионлар) клублари стадионларида футбол майдонлари атрофидаги яхлит ғиштли, шлакоблокли ва бетонли тўсиқларга бундан буён йўл қўйилмаслиги ҳақида қарор қабул қилинди.













