«Реал»нинг собиқ ҳужумчиси Хавьер Эрнандес Мадрид клубида бирга тўп сурган Гарет Бэйлга юқори баҳо берди.
«Гарет Бэйл ажойиб эди, мен уни жуда яхши кўраман. Уни гўёки испанчада гапиришни хоҳламагани учун танқид қилишарди, лекин у тилни ҳам биларди, ҳам тушунарди. Кийиниш хонасида у ажойиб йигит эди.
Мен у билан жуда яқин муносабатда эдим. Лука Модрич ва Тони Кроос билан ҳам худди шундай — улар испан тилида яхши гапиришарди, лекин ўз тилларида ёки инглизчада мулоқот қилишни афзал кўришарди, шунинг учун мен улар билан инглизчада гаплашардим.
Бэйл ажойиб футболчи эди ва ҳанузгача муносиб баҳоланмай келади. Ўйлашимча, у дунёнинг энг яхши ўйинчиларидан бири.
Мен у атрофидаги кўплаб воқеаларни умуман тушунмайман. У Чемпионлар Лигаси финаллари тарихидаги энг ажойиб голлардан бирини урди. У неча марта Чемпионлар Лигасини юта олди? Қанча британиялик футболчи бу турнирда уч ёки тўрт марта ғалаба қозонгани билан мақтана олади (Бэйл беш карра Чемпионлар Лигаси ғолиби ҳисобланади)? Аммо бу ҳақда негадир деярли гапиришмайди.
Тасаввур қилинг: чапда Криштиану Роналду, ўнгда Гарет Бэйл, марказда эса Карим Бензема. Бу жиннилик. Кейин одамлар: «Чичарито у ерга бориб, захирада ўтирди», дейишади. Ахир албатта-да! Мен бошқа нима қилишим керак эди? Агар тўртта ҳужумчи билан ўйнаганимизда, балки майдонга тушган бўлардим.
Кейинчалик Бэйл ва Карим жароҳат олишди, мен Криштиану билан бирга ўйнай бошладим ва ўзимни яхши томондан кўрсатиб, муҳим голлар урдим. Лекин сизда бу учлик бўлса, бошқа нима қолди? Агар сиз рақиб ҳимоячиси бўлсангиз, сизга жуда оғир бўлади. Бундай ўйиндан сўнг ухлаб қолиш қийин», — деди Чичарито.













