«Аякс» вингери Мика Годтс Эредивизи янги мавсумининг «ПЕК Зволле»га қарши илк учрашувида асосий таркибда майдонга тушмайди. Бу қарор футболчининг «ПСЖ»га эҳтимолий трансфери атрофидаги миш-мишлар кучайган бир пайтда қабул қилинди.
Дастлаб Годтс «Аякс»нинг асосий таркибига киритилган эди. Бироқ клуб бельгиялик футболчининг «асосий таркибда ўйнаш учун етарлича тайёр эмаслиги»ни маълум қилганидан сўнг, унинг ўрнига Абдулла Уазан чиқарилди. Уазан Эредивизидаги дебютини ўтказади.
Годтснинг айнан шу пайтда таркибдан чиқарилиши эътиборни тортди. Маълумотларга кўра, 21 ёшли футболчи «ПСЖ»га ўтишга яқин турибди. У Франция чемпиони билан оғзаки келишувга эришгани, унга 2031 ёки 2032 йилгача мўлжалланган шартнома тайёрлангани айтилмоқда.
«ПСЖ» аввалроқ бонусларни ҳисобга олган ҳолда 40–45 миллион евро атрофидаги дастлабки таклифни юборган. Бироқ «Аякс» ушбу таклифни рад этган ва ўз вингери учун тахминан 60 миллион евро талаб қилмоқда.
Томонлар ўртасидаги музокаралар давом этмоқда. Хабарларга кўра, «ПСЖ» янги таклиф тайёрламоқда ва унинг қиймати 55 миллион евро атрофида бўлиши мумкин.
Годтс ўтган мавсумда ўзини кўрсата олди. У барча мусобақаларда 17 та гол ва 12 та голли узатма қайд этган.













