«Ливерпуль» афсонаси Жейми Каррагер Рональд Араухонинг «Барселона»дан Англия клубига ўтиши мумкинлиги ҳақида ўз фикрларини билдирди. Собиқ ҳимоячи уругвайлик футболчининг кучли жиҳатларини эътироф этган бўлса-да, трансфернинг узоқ муддатли истиқболига шубҳа билан қарамоқда.
Араухо «Ливерпуль»га бир мавсумлик ижара асосида ўтиши кутилмоқда. Англия клуби келаси ёзда футболчини доимий равишда сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Ҳимоячи трансферни расмийлаштиришдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш учун Мерсисайдга бориши режалаштирилган.
Каррагер уругвайлик футболчининг жисмоний тайёргарлиги, агрессив ўйин услуби ва бир нечта позицияда ҳаракат қила олишини юқори баҳолади. Шунингдек, Араухонинг «Барселона» сардори бўлгани ва юқори даражадаги муҳим учрашувларда тажриба орттирганини таъкидлади.
«У жисмонан жуда кучли, агрессив ва марказий ҳимоячи ёки ўнг қанот ҳимоячиси сифатида ўйнай олади. Унинг тажрибаси ҳам юқори. У «Барселона»га сардорлик қилган ва катта ўйинларда майдонга тушган», — деди Каррагер.
Эксперт ижара шартномасини ҳам «Ливерпуль» учун хавфи кам вариант сифатида баҳолади. Унинг фикрича, клуб бир мавсум давомида Араухонинг жамоага мослашишини кузатиб, кейин уни доимий равишда сотиб олиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.
Бироқ Каррагер футболчининг қарор қабул қилиши, диққатни жамлаши ва барқарорлиги Премьер-лигада муаммо туғдириши мумкинлигидан огоҳлантирди.
«Унинг жанговарлиги яхши, у курашларга дадил киради. Аммо бундай даражада ҳимояда ўйнаш қарор қабул қилиш, диққат ва ўйинни олдиндан ўқий билишни талаб қилади», — деди у.
Каррагер, шунингдек, Араухонинг интизом билан боғлиқ муаммолари ва сўнгги пайтлардаги формаси пасайганига эътибор қаратди. Уругвайлик ҳимоячи кучли рақибларга қарши ўйинларда баъзан осон жарима зарбаларига сабаб бўлиши ёки қизил карточка олиши мумкинлигини айтди.
Собиқ футболчи «Ливерпуль» Ибраима Конатенинг «Реал Мадрид»га кетганидан кейин тажрибалироқ марказий ҳимоячига эътибор қаратиши керак эди, деб ҳисоблайди.
«Ливерпуль» 19 ёшли Пау Кубарси билан асосий таркиб учун курашла кўп ҳолларда захирада қолган футболчи ўрнига тажрибалироқ марказий ҳимоячини танлаши керак эди», — деди Каррагер.
Унинг фикрича, Араухонинг «Барселона»да асосий таркиб футболчиси бўла олмаганидан кейин ижара асосида «Ливерпуль»га келиши жамоа учун узоқ муддатли режадан кўра вазиятга қараб қабул қилинган қарорга ўхшайди.













