Ферран Торреснинг "Барселона"даги тўрт ярим йиллик фаолияти якунланиш арафасида. Каталония клуби ва "ПСЖ" испаниялик ҳужумчининг трансфери бўйича принципиал келишувга эришган. Битим қиймати тахминан 50 млн еврони ташкил этиши кутилмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, 26 ёшли футболчининг "Барселона" таркибидаги умумий статистикаси қуйидагича:
207 та ўйин
65 та гол
23 та голли узатма
7 та соврин
Ферран Торрес "Барселона"га 2022 йил январда "Манчестер Сити"дан келиб қўшилган. Каталонияликлар унинг трансфери учун 55 млн евро тўлаган эди. У асосий ҳужумчи, шунингдек, ҳар икки қанотда ҳаракат қила олиши туфайли турли мураббийлар қўл остида жамоанинг муҳим футболчиларидан бири бўлиб келди.
Испаниялик футболчи "Барселона" билан уч марта Ла Лига, уч марта Испания Суперкубоги ва бир марта Испания Кубогида ғолиб чиққан.
Айниқса, Торреснинг сўнгги икки мавсуми самарадорлик жиҳатидан энг яхши даври бўлди — у бу вақт оралиғида жами 40 та гол урди.
Энди Ферраннинг фаолиятини "ПСЖ"да давом эттириши кутилмоқда. Агар трансфер расман якунланса, унинг "Барселона"даги саҳифаси 207 ўйин, 65 гол, 23 ассист ва 7 соврин билан ёпилади.













