Ўзбекистон миллий жамоаси ва Озарбайжоннинг "Сабаҳ" клуби ярим ҳимоячиси Умарали Раҳмоналиев фаолиятини Франция чемпионатида давом эттириши мумкин.
Франция матбуоти маълумотига кўра, Лига 1 вакили "Ланс" 22 ёшли ўзбекистонлик футболчини трансфер рўйхатига киритган. Клуб скаутлари Раҳмоналиевнинг сўнгги ўйинларини кузатиб, унинг имкониятларини ўрганмоқда.
Айрим манбалар "Ланс" яқин вақт ичида "Сабаҳ"га расмий таклиф билан чиқиши мумкинлигини ҳам ёзмоқда. Ҳозирча трансфер бўйича расмий таклиф юборилгани тасдиқланмаган, гап француз клубининг жиддий қизиқиши ҳақида кетмоқда.
Раҳмоналиев айни пайтда "Сабаҳ"нинг асосий футболчиларидан бири ҳисобланади. У 2025 йил январда Қозоннинг "Рубин" клубидан Озарбайжон жамоасига ижара асосида ўтган, 2026 йил январда эса "Сабаҳ" унинг трансфер ҳуқуқларини тўлиқ сотиб олган. Футболчининг амалдаги шартномаси 2028 йил охиригача мўлжалланган.
Transfermarkt Раҳмоналиевнинг бозор қийматини ҳозирда 1,2 млн евро деб баҳоламоқда. 18 август куни 23 ёшга тўладиган футболчи асосан таянч ва марказий яримҳимоячи позицияларида ҳаракат қилади.
Раҳмоналиевнинг сўнгги пайтдаги ўйинлари ҳам Европа клублари эътиборини тортишига хизмат қилган. У "Сабаҳ"нинг Чемпионлар Лигаси саралаш босқичидаги муҳим учрашувларида асосий таркибда майдонга тушмоқда. Хусусан, "Орхус"га қарши жавоб баҳсида ўзбекистонлик яримҳимоячи 90 дақиқа ҳаракат қилди, "Сабаҳ" 4:0 ҳисобида ғалаба қозониб, кейинги босқичга йўл олди.
"Ланс" учун Ўзбекистон бозори бегона эмас. Француз клуби аввал ҳам Абдуқодир Ҳусановни ёш футболчи сифатида ўз сафига қўшиб, унинг Европадаги ўсишига катта туртки берган. Франция матбуоти Раҳмоналиевга қизиқишни ҳам айнан шу муваффақиятли тажриба билан қиёсламоқда.
Шу тариқа, агар "Ланс" қизиқишини расмий таклифга айлантирса, Умарали Раҳмоналиев ҳам Европанинг топ-5 чемпионатларидан бирида тўп суриш имкониятига эга бўлиши мумкин.













