"Атлетико" ҳужумчиси Хулиан Альварес жамоанинг "Марсел"га қарши мавсумолди ўртоқлик учрашуви учун қайдномасига киритилмади.
AS маълумотига кўра, аргентиналик форварднинг Францияга олиб кетилмаслиги трансфер можароси ёки интизомий жазо билан боғлиқ эмас. Альварес 2026 йилги жаҳон чемпионатидан кейин таътилдан кечроқ қайтган футболчилар қаторида бўлиб, мураббийлар штаби унинг жисмоний ҳолатини босқичма-босқич тиклаш режасини тузган.
Худди шу сабабга кўра Алекс Баэна ва Маркос Льоренте ҳам "Марсел"га қарши ўйинда иштирок этмайди. Александер Сёрлот эса мушакларидаги муаммо туфайли қайдномадан ташқарида қолган.

Альварес жорий ҳафтада "Атлетико" машғулотларига қайтиб, Диего Симеоне қўл остида умумий гуруҳ билан ишлай бошлади. Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси машғулот ўйинида ҳам иштирок этган. Симеоне уни 2026/27 йилги мавсум учун жамоанинг муҳим футболчиларидан бири сифатида кўришда давом этмоқда.
26 ёшли форварднинг келажаги ёз давомида кўп муҳокама қилинди. "Барселона"нинг қизиқиши ва Альвареснинг кетиш истаги ҳақида хабарлар тарқалганига қарамай, "Атлетико" уни сотиш ниятида эмас. Футболчининг Мадрид клуби билан шартномаси 2030 йилгача амал қилади.
"Марсел" — "Атлетико" учрашуви 14 август куни "Велодром" стадионида ўтказилади. Бу мадридликларнинг янги Ла Лига мавсуми бошланишидан олдинги сўнгги назорат баҳси бўлади.













