"Манчестер Юнайтед" 2026/27 йилги мавсум учун учинчи либосини расман тақдим этди. Янги формада асосий ранг сифатида фил суягига яқин оч-крем тус танланган.
Клуб маълумотига кўра, adidas томонидан ишлаб чиқилган дизайн Манчестер шаҳрининг руҳи, маҳаллий ёшлар маданияти ва машҳур Salford Lads Club тарихидан илҳомланган. Либос орқали клуб, шаҳар ва мухлислар ўртасидаги алоқани акс эттириш мақсад қилинган.
Форманинг энг ўзига хос деталларидан бири — матога туширилган қўлда чизилган атиргул тасвирлари. Шунингдек, футболканинг орқа ёқа қисмида махсус ёзув ва дизайн элементи жойлаштирилган. Клуб бу деталлар Манчестерга хос маҳаллий руҳ ва индивидуалликни ифодалашини таъкидламоқда.


Янги либосда adidas'нинг Climacool технологиясидан фойдаланилган. У намликни тезроқ чиқариш ва футболчининг тана ҳароратини назорат қилишга ёрдам беради. Футболка торроқ бичимда, думалоқ ёқали ва қайта ишланган полиэстердан тайёрланган.













