«Фейеноорд» бош мураббийи Джованни ван Бронкхорст Хави Эрнандеснинг Нидерландия терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланишини кутмаганини тан олди.
Хави охирги 48 йил ичида Нидерландия миллий терма жамоасини бошқарадиган илк хорижлик мутахассисга айланди. Ван Бронкхорст испаниялик мураббийни янги лавозим билан табриклаганини айтиб ўтди.
«У бу лавозимни эгаллаганидан жуда хурсанд ва фахрда эди. Мен унга испан тилида хабар ёздим ва у ҳам менга испан тилида жавоб қайтарди», — деди ван Бронкхорст Goal порталига берган интервьюсида.
«Мен ҳайрон қолдим. Одатда мумкин бўлган номзодлар ҳақида аввалдан газеталарда ёзишади, лекин бу тайинловни ҳеч ким кутмаган эди. Собиқ жамоадошимнинг Нидерландия терма жамоаси бош мураббийига айланганини кўриш ёқимли».
Ван Бронкхорст, шунингдек, Хавига хотиржам иш бошлаши учун имконият бериш ва уни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади:
«Биз Хавини қўллаб-қувватлашимиз ва унга ушбу ишни уддалай олишига ишонч беришимиз керак. Кейин эса, ҳар қандай бошқа мураббий каби, у натижа кўрсатиши лозим бўлади».
Тил тўсиғи ҳақидаги саволларга жавоб берар экан, ван Бронкхорст буни жиддий муаммо деб ҳисобламаслигини, Хави инглиз тилида етарлича яхши сўзлаша олишини ва зарур ҳолларда таржимонлар ёрдамидан фойдаланиши мумкинлигини қўшимча қилди.
Хавининг Нидерландия терма жамоасидаги дебюти 24 сентябрь куни Миллатлар лигаси доирасида Германияга қарши кечадиган ўйинга режалаштирилган.













