«Барселона» ярим ҳимоячилари Педри ва Гави Швейцарияда «Базель»га қарши бўлиб ўтадиган ўртоқлик учрашувида майдонга тушмайди. Бу ҳақда Diario Sport нашри хабар бермоқда.
Футболчилар якшанба куни бўлиб ўтадиган ўйин қайдномасидан ўрин олишмаган. Каталония клуби ҳар икки ўйинчининг аҳволи хавотирга сабаб бўлмаётганини ва бош мураббий Ханси Флик мавсумларора тайёргарлик жараёнида уларни ортиқча хавф-хатарга қўймасликка қарор қилганини билдирган.
Педри таътилдан қайтгач, индивидуал дастур асосида шуғулланмоқда. У аллақачон тўп билан машғулотларни бошлаган ва ҳеч қандай чекловларсиз ҳаракат қилмоқда, шу сабабли яқин орада умумий гуруҳга қайтиши кутилмоқда.
Гави эса таътилини деярли бир ҳафтага қисқартириб, жамоадошлари билан машғулот ўтказмоқда. Унинг қайдномага киритилмагани юкламаларни назорат қилиш билан изоҳланмоқда. Манбага кўра, бу шунчаки мавсум олди тайёргарлик давридаги оддий эҳтиёткорлик чорасидир.
«Базель»га қарши баҳс «Барселона» учун 2026/27 йилги мавсумга тайёргарлик доирасидаги охиргисидан олдинги ўртоқлик ўйини бўлади.













